Xalqaro teleko’prik

“Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги Атом технологиялари ахборот марказида бўлиб ўтган “Мамлакат учун атом” мавзусидаги халқаро телекўприк Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва беларуслик экспертлар ҳамда талабаларни бирлаштирди.

Қайд этиш керакки, ушбу мамлакатлар 1997 йилда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик учун тузилган МДҲга аъзо саккиз давлатнинг атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича комиссияси таркибига киради. Айни пайтда бу давлатларда фаолият юритаётган Ахборот марказлари  фаолияти  аҳолини атом технологияларининг қўлланиш соҳалари тўғрисида билим ва тушунча беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Телекўприкни “Росатом” давлат корпорациясининг Беларусдаги офиси директори Станислав Левицкий очиб берар экан, у атом технологиялари ҳаёт сифатини яхшилаш ва келажагимиз учун янада қулай муҳит яратиши, “Росатом” ҳозирги куннинг ўзидаёқ миллионлаб одамларнинг ҳаётини яхшилашга ёрдам берадиган технологияларни ишлаб чиқиш орқали ушбу тараққиётга сезиларли ҳисса қўшиб келаётганини қайд этди.

Бугунги кунда атом технологиялари кўпгина соҳаларда кенг қўлланилмоқда. Масалан, ионлаштирувчи нурланиш воситасида қайта ишлаш технологиялари озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш муддатини бир неча бор оширишга имкон беради. Аэропортларда юкларни кўздан кечириш тизимларида қўлланиладиган, радиация технологиялари хавфсизликни таъминлаш учун имкон туғдиради. Мозий санани радиоизотоп усулда аниқлаш археологик топилмалар ва санъат асарларининг ёшини равшанлаштиришда кўмак беради. Бироқ яна бир соҳа ҳам борки, унда ядро технологиялари том маънода одамларнинг ҳаётини сақлаб қола олади. Бу ядро тиббиётидир.

Тошкент шаҳридаги «Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг филиали ижрочи директори Шавкат Абдукомиловнинг қайд этишича, бундай мураккаб саноатнинг муваффақияти мутахассисларнинг профессионаллиги ва ўз ишига садоқати билан боғлиқ. Энг истиқболли ва талабгор соҳалардан бири бўлган атом саноати соҳасида ишлаш учун аниқ ва табиий фанларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.

– 2018 йилда АЭС қурилиши тўғрисида қарор қабул қилиниб, ушбу қарор мамлакатнинг атом салоҳиятини ривожлантириш бўйича бутун бошли стратегияни яратишга туртки бўлди. Ядро энергетикаси лойиҳаларини рўёбга чиқаришда аҳоли билан ишлаш асосий йўналишлардан биридир. Бугунги тадбир ёшларни касбга йўналтириш нуқтаи назаридан муҳим воқеа бўлиб, улар бу ерда ўзларининг ҳудди шундай лойиҳаларини амалга ошириб бўлган мамлакатлар, ҳамда мазкур йўлнинг аввали-бошида турган бошқа мамлакатлар тажрибаси ҳақида кўпроқ маълумот олиш имкониятига эга бўладилар. Шу нарса диққатга сазоворки, талабалар ҳам, мактаб ўқувчилари ҳам барча нутқларни, шу жумладан, Ўзбекистонимизда атом энергетикаси соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш қай тарзда амалга оширилаётгани мавзусига тааллуқли чиқишларни катта қизиқиш билан томоша қилиб, тинглашганининг гувоҳи бўлдик, – деди Ш. Абдукомилов.

Телекўприкда ихтисослашган олий ўқув юртлари ва коллежларнинг 150  нафардан зиёд талабаси иштирок этди. Улар сафида Тошкент шаҳридаги «Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг филиали талабаси Ойжамол Калбаева ҳам бор.

– Мамлакатлараро телекўприк мен учун жуда кўп янги қирраларни очди. Турли мамлакатларда технологиялар қандай ривожланаётгани, атом саноатининг қандай истиқболли йўналишлари мавжудлиги, қўшни давлатлар ядро технологиялари билан қай тарзда иш кўриши ва Ўзбекистонда бу борада натижалар ҳамда режалар ҳақидаги суҳбатлар мен учун жуда қизиқарли бўлди, – деди О.Калбаева.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири

Оставьте комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *